Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст!

Жорий йилнинг 25-декабрь куни ИИВ Сирдарё академик лицейида Ўзбекистон халқ шоири, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, Ўзбекистон Қаҳрамони, давлат ва жамоат арбоби Эркин Воҳидов таваллудининг 84 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида маънавий – маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирни академик лицей директори майор  Ғ.Ж.Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида Эркин Воҳидовнинг ҳаёт йўли ҳар бир ёш учун ибрат мактаби бўлиши кераклиги ҳақида айтиб ўтди. “Ўзбегим” қасидаси дунёга ўзбекнинг кимлигини намоён қилаётган бўлса,                          “Инсон” қасидаси бугун дунёнинг кўплаб тилларида куйланмоқда.“Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст!” мисраларининг муаллифи сифатида шоирнинг ўзи авлодларга бебаҳо шеърият гулшанини мерос қилиб кетдики, уни ўрганиш бугунги ёшларнинг шарафли бурчидир.

Шундан сўнг ўқувчилар томонидан Эркин Воҳидовни хотирлаб тайёрланган  видеороликлар  намойиш этилди. Шоирнинг  шеърлари асосида ўтказилган баҳри байт барчада  қизғин таассурот қолдирди. ”Олтин девор” комедиясидан парча  ва ”Матмусанинг дутори”  ҳажвияси асосидаги саҳна кўринишлари ўқувчилар томонидан моҳирона саҳналаштирилгани кўпчилик томонидан эътироф этилганини намойишдан сўнг янграган гулдурос қарсаклар ҳам исботлади. Таниқли шоирнинг ҳаёти ва ижоди бўйича савол-жавоблар орқали  ўқувчилар билими синалди. Ифодали ўқиш шартида Эркин  Воҳидов ижодидан энг сара намуналар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Қизиқарли шартларга бой ўтган беллашувда 2- босқич ўқувчилари юқори натижа кўрсатиб, ғолибликни қўлга киритишди. Ғолибларга лицей маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Сирдарё

академик лицейи АРМ ходими                                      С.Ю.Кушбакова 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan