ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ – МИЛЛИЙ ИФТИХОРИМИЗ

2020 йил 13 ноябрь кунида ИИВ Сирдарё академик лицейида  “Ўзбекистон байроғи – миллий ифтихоримиз”  шиори остида лицей жамоаси,  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сирдарё вилояти бўлими ходимлари, Сирдарё туман БЎСМ вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси миллий байроғи қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган катта тадбир бўлиб ўтди. Маросим  олдидан ўтказилган сафланишда Ватанимиз мадҳияси ижро этилди ва байроқдор гуруҳ томонидан Ўзбекистон байроғи тантанали равишда олиб кирилди.Тадбирни очиб бериш учун  сўзга чиққан лицей директори майор  Ғ.Ж.Абдуллаев: “Мустақиллигимиз ва миллий ғуруримиз тимсоли бўлган Ватан байроғини ардоқлаш, уни жаҳон минбарларида юқори кўтариш ўзини шу мамлакат фуқароси деб билган, шу муқаддас замин келажагини ўзига дахлдор деб билган  ҳар бир онгли инсоннинг биринчи галдаги вазифаси бўлмоғи керак”,- деб таъкидлади. Мамлакат байроғи бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкура ҳисобланади. Улар мамлакатнинг тарихи ва маънавияти  ҳақида хабар бериб туради.  Ўтказилган  тадбир ҳам ўқувчилар онгида  миллий ўзлигимизга хос бўлган давлат рамзларига нисбатан фахр-у ифтихор ҳиссини шакллантиришга қаратилган. Ватанни севиш, унга садоқатли бўлиш , бир умр шу Ватан равнақи учун хизмат қилишга тайёр бўлиш фарзандларимиз онгига жуда ёшликдан бериб борилган маънавий тарбиядан  бошланади. Жаҳон миқёсидаги турли тадбир ва анжуманларда дунё мамлакатлари байроқлари сафида Ўзбекистон байроғининг мағрур ҳилпираб туриши ўзини  шу юрт  фуқароси деб билган ҳар бир инсонда ифтихор туйғусини пайдо қилади. Бизнинг миллатимиз ўзи жон таслим қилса ҳам байроғини қўлдан қўймаган Нажмиддин Куброларнинг авлоди эканлигини англаб,  ўзлари ҳам шундай даражада комил инсонлар бўлиб етишишлари йўлида лицейда мунтазам равишда  ташкил этилаётган  маънавий-маърифий  ишларнинг аҳамияти каттадир.

Тадбир доирасида ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказиш  мақсадида “Байроқ билимдони ”  мавзусида викторина ўтказилди. Викторинада иштирок этган 3-босқич ўқувчилари  Ўзбекистон Республикаси миллий байроғининг қабул қилиниши, байроқларнинг тарихи ва аҳамияти, байроқ билан боғлиқ тушунчалар бўйича  саволларга жавоб бердилар. Лицей ўқувчилари  томонидан ўқилган шеърлар кечага ўзгача  шукуҳ бағишлади.  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сирдарё вилояти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган    “Огоҳлик- давр талаби”  мавзусидаги кўргазмали семинарда Ватан тараққиётининг  энг муҳим кафолати бўлган тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракатланиш, бирламчи чоралар кўриш бўйича берилган тавсиялар, кўргазмали  чиқишлар, махсус техникалар ва фавқулодда вазиятларда қўлланадиган воситалар     бўлажак тартиб посбонларида катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари,  юрт байроғини баланд кўтаришга иштиёқ ҳиссини ошириш,  Президентимиз томонидан илгари сурилган “Бешта муҳим ташаббус” доирасида амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда спортни оммалаштириш мақсадида ўқувчи ёшлар ҳарбий спорт ўйинларидан Таэквандонинг ITF йўналиши , Ўзбек жанг санъати, арқон тортиш, тош кўтариш,  армреслинг шартлари бўйича беллашдилар.  Ўзбек жанг санъати кейинги пайтда жуда кенг оммалашаётган спорт турларидан бири бўлгани учун, лицейда бу йўналишга алоҳида эътибор берилади. Алпқомат йигитлар ва ўзбекона дўппидаги Барчиной мисол қизлар бу санъатнинг гўзаллиги ва имкониятларини намойиш этиб, йиғилганларнинг олқишларига сазовор бўлдилар.

Қизғин баҳсларга бой ўтган беллашувларда  ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар лицей директорининг дипломи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

ИИВ Сирдарё академик лицейи

ўқитувчиси Н.А.Султоннаарова

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan