«ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМ – ИНСОНИЯТ КЕЛАЖАГИНИНГ КУШАНДАСИ»

2020 йилнинг 3 ноябрь кунида ИИВ Сирдарё академик лицейида «Терроризм ва экстремизм – инсоният келажагининг  кушандаси» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили капитан Шохрух Азизхонов,  диний масалалар бўйича вакил Аҳмад ибн Малик масжиди имом хатиби Улуғбек Қобилов, лицейнинг педагогик жамоаси ва лицей ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни академик лицей директори  майор Ғайрат Жуманович Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида глобаллашув жараёнлари жадал давом этаётган бугунги кунда бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка хавф солувчи  экстремизм ва терроризм энг хатарли жиноят эканлиги,  халқаро терроризм ва экстремизмнинг янги таҳдидларига қарши курашиш борасида дунёнинг турли минтақаларида тарғибот ва амалий фаолиятнинг кучайтирилаётганлиги ҳамда унга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчиликнинг биринчи даражали вазифаси эканлигини таъкидлади ва давлатимиз раҳбарининг  БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади» – деган сўзларини келтириб ўтди..

Шундан кейин сўзга чиққан  капитан Шохрух Азизхонов ўз нутқида бугунги кунда дунёдаги сиёсий аҳвол, тинчликка таҳдид қилувчи турли-туман экстремистик оқимлар мавжудлиги ва уларнинг асл ниятлари Ер юзида  уруш оловини ёқиб, дунёни бошқариш эканлигини тушунтирди , ҳар бир онгли инсон бундай ҳолатларга нисбатан мафкуравий иммунитетга эга бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали сиёсий мақсадларни кўзлаб, турли зарарли ғояларни тарғиб қилувчи материалларнинг тарқатилиши ёш авлоднинг онгини заҳарлашга қаратилгани ҳеч кимга сир эмас, чунончи, экстремистик оқимларга қўшилаётганларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлган  фуқаролардир. Қонунларимизда экстремистик руҳдаги нашрлар, видеороликлар ва бошқа  материалларни сақлаш ва тарқатиш билан шуғулланган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилгани,  айрим ёшлар ўзлари тушунмаган ҳолда шундай материалларни тарқатувчи сайтларга кириб қолиб, тўғри тушунчага эга бўлмаганлари учун уларни юклаб олиб, танишларига жўнатишлари ва бу  билан беихтиёр жиноятга қўл уришларини айтиб, бугунги тадбир лицей ўқувчиларини  ана шундай нохуш ҳолатлардан сақлаш ва бундай ҳолатларга муросасизлик руҳида тарбиялашга қаратилганини таъкидлади.

Сўз навбати Аҳмад ибн Малик масжиди имом хатиби Улуғбек Қобиловга берилди, у  йиғилганларга  ислом динини ниқоб қилиб олган оқимлар аслида ислом душманлари эканлиги, динда фирқаларга бўлиниш кескин танқид қилинганлиги, террористик гуруҳлар одамкушлик билан шуғулланиши, одам ўлдириш, қотиллик исломда қораланиши, айниқса, камикадзе(худкуш)ларнинг қилаётган ишлари Қуръони карим ва ҳадисларда қораланганини мисоллар билан тушунтириб берди. Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган, нафақат ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини, шу билан бирга, бошқа динлар ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. Мамлакатимизда диний бағрикенгликка, турли дин ва миллат вакилларининг аҳил-иноқ яшашига давлат аҳамиятига эга масала сифатида  катта эътибор қаратилгани ҳам Ўзбекистоннинг инсонпарварлик сиёсатидан далолат бериши таъкидланди. Ҳозирги кунда Республикамизда Ислом маърифатини ёш авлод онгига тўғри етказиш борасида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ўрта махсус ислом билим юртлари қошида Қуръони Карим ва араб тилидан махсус ўқув курслари очилгани, ислом билим юртларига қабул квоталари кўпайгани, Юртбошимиз Шавкат Миромоновичнинг: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръонни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”,- деган сўзларининг амалдаги намунаси сифатида илк бора Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ташкил этилгани ва шу каби ишлар бунинг яққол мисоли бўлади.

Улуғбек Қобилов  биз агар бутун Ер курраси узра тинчлик бўлишини хоҳласак, аввало ўзимизнингИслом борасидаги тушунчаларимиз,эътиқодимизни поклашимиз, ботил ғояларга эргашмаслигимиз лозимлигини айтиб, ўз сўзига якун ясади.

Кейин эса лицейнинг тарих фани ўқитувчиси А.Я.Исроилов сўзга чиқиб, экстремистик ҳаракатларнинг энг қуйи табақаси кўпинча сиёсий тусга эга бўлмаган, майда зўрлик ва инсонлар содир этадиган унсурлар билан боғлиқ бўлиши, бундай зўрликнинг сиёсийлаштирилиши терроризм томон қўйилган биринчи қадам эканлиги, экстремизмнинг асоси диний фундаментализмга бориб тақалиши ҳақида сўзлаб, йиғилганларга ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 30 июлда қабул қилинган, экстремизм тушунчасининг мазмун-моҳияти, унга қарши курашишнинг чоралари ва тамойиллари, ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари чуқур таҳлил қилиб берилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни давлатимизнинг бу борадаги сиёсатини ўзида акс эттирган.  Бугунги кунда ҳам Яқин Шарқ мамлакатлари ва бошқа бир қатор мамлакатларда содир этилаётган қонли урушлар ва қирғинбаротларни кўриб хулоса чиқарган ҳолда, Ватанимизни ташқи ғаразли кучлардан асраш ва тинч, осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб яшашимиз лозимлиги тушунтирилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан  экстремизм ва терроризмга қарши курашда ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган маънавий-маърифий тарбия муаммолари,  уларнинг онгида зўравонлик ва ёт ғояларга муросасизликни шакллантириш, экстремизм ва терроризм умумий профилактикаси каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.Давра суҳбати йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди, ўқувчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар.

                                               Ўзбекистон Республикаси ИИВ Сирдарё

                                            академик лицейи директорининг ўқув

         ишлари бўйича ўринбосари Ш.М.Бурханов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan